|
GENERATION сайтида яқинда ўтказилган «Нарядные детки» («Кўркам болалар») танлови нафақат қизиқарли, қувноқ ва ажойиб тадбир бўлди, балки кутилмаганда ўқувчиларимизни муносиб кишилар билан таништириш ишига ҳам фойда берди. «Нарядные детки» («Кўркам болалар») танлови ғолибасининг онаси Мадина Скоморохова билан тақдирлаш маросими бўладиган жой ва вақтни белгилаш жараёнида телефон орқали танишгандик. Кейин мулоқотимиз бевосита таҳририятимизда юз берди ва биз Мадина опа шуғулланаётган ишни эътиборга ва сайтимиз орқали ёритишга муносиб деган фикрга келдик.
Мадина опа катта лавозимларда ишламайди, матбуотда номи чиқишга интилмайди. У шунчаки оддий меҳрибон она, бу эса, шубҳасиз, ҳурмат ва эътиборга лойиқ энг олий ва фахрли «лавозим», десак адашмаймиз. У GENERATION сайтига бутун бир ҳикояни сўзлаб берди. Қуйидагиларнинг барчаси Мадина опа билан суҳбатдан ёзиб олинган.
.jpg)
«Мен ёш она эмасман, қизим Ангелина бор-йўғи 3 ёшда. Ҳар бир ота-онага фарзанди қандай бўлса, у ҳам мен учун ҳаётимнинг мазмуни. Ҳаёт ҳаддан ташқари тез маромда кетаётган бизнинг замонамизда кишилар бироз тўхтаб, ҳақиқий дўст орттиришга, бир-бири билан кўпроқ мулоқот қилишга деярли имкон йўқ. Ҳолбуки болага дўстлашиш, бошқа болалар билан ўйнаш жуда муҳим. Ота-она фарзандидан вундеркинд шакллантиришга ҳарчанд хоҳламасин, барибир болалик болаликдай ўтиши керак.
.jpg) .jpg)
Қизим Ангелинанинг ҳаёти ва камол топишида фаол қатнашишга ҳаракат қиламан, бу ҳаракатларим зое кетмаяпти, деб ўйлайман. Қизчам жуда ривожланган бола деб айта оламан. У бир ёшу 4 ойлигида 3 та ҳарфни биларди, 2 ёшида – бутун алифбони. У одамларга нисбатан жуда хайрихоҳ, қувноқ ва мулоқотга тез киришувчи қиз. Биз Шароф Рашидов кўчасида яшаймиз. Ҳовлимизни 40, 40-а, 40-б уйлар ўраб туради. Ангелина туғилганида мен ҳовлида ҳеч кимни танимасдим, аммо чақалоқ билан сайр пайтида қўшнилар билан мулоқот қилишингиз муқаррар. Шу тарзда мен ҳам болалар майдончасини тартибга келтираётган шу маҳаллада яшовчи оналар билан танишиб олдим. Улар ўз кучи билан болалар ўйнайдиган қулай ва чиройли майдончани яратишаётган эди. Мен ҳам уларга фаол ёрдам бера бошладим.

Ўша пайтда майдонча эндигина ярала бошлаётганди – арғимчоқлар ўрнатилди, буталар экилди. Мен пайдо бўлганимдан кейин бошқа ота-оналарга ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Арғимчоқларни бўяш, дарахтлар экиш керак эди. Кўпчилик бажонидил рози бўлиб, бизни қўллаб-қувватлашди. Биз арча дарахтларини экдик, арғимчоқларни бўядик, шундай қилиб биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан фарзандларимиз учун қулайлик ярата бошладик.
Кейин болалар учун байрам ўтказишга қарор қилдик. Биринчи тадбиримиз 2007 йилнинг 1 июнида – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида бўлди. Артистларни таклиф қилдик, меҳмон сифатида мультфильм қаҳрамонлари Шрек, Ялмоғиз кампир, Микки-Маус ва масхарабозлар келди. Улар турли-туман танловларни ўтказиб, болалар билан биргаликда қувнашди. Тадбирдан бир неча кун олдин ҳамма жойга эълонлар ва баннерлар ёпиштириб қўйгандик, шу боис болаларини етаклаб олган ота-оналар кўп келди. Байрамдан сўнг барчани ширинликлар билан меҳмон қилдик.

Байрам зўр ўтди, шунинг учун энди кейинги йили бу мўъжизани такрорлаш керакми-йўқми деган савол туғилмади:)
2008 йилнинг 1 июнида биз яна бир байрамни ташкил этдик. Аммо бу сафар бизга маҳалламиз раиси катта ёрдам берди. У қўғирчоқ театри билан келишиб, фарзандларимизга маҳаллада бепул томоша қўйиб беришларига эришди. Ота-оналар жуда хурсанд бўлишди, тежаб қолинган пулларга болалар учун совға-салом ва ширинликлар олинди.
.jpg)
Тадбир ўтганидан кейин, бундан руҳланган маҳалламиз раиси майдончани тартибга келтириш учун 30 000 сўм пул ажратди. Кейин бизга яна бир сюрпризни тақдим этишди. Уйимизда навбатчи дорихона бор, ҳозир у ерда қурилиш компанияси таъмирлаш ишларини олиб боряпти. Улар ўсимлик ва буталарга сув сепиш учун узун шланг сотиб олиб, бизга совға қилишди. Ёз бўйи биз янги экилган арча ва буталарни суғоришда ундан фойдаландик.
Учинчи байрамни яқинда – 1 сентябрда ўтказдик. Бу сафар байрамга машҳур «Мадагаскар» мультфильми қаҳрамонларини таклиф қилдик.
Болалар танловларда иштирок этмоқда. Видеороликни томоша қилиш
Ушбу видеоролик allmedia.uz сайтига юкланган бўлиб, TAS-IX зонасида турибди.
Умуман олганда, майдончада саришталикни сақлаш ва болаларнинг бўш вақтини ташкил этиш кишиларнинг оддий иштиёқи ва ғайрат-шижоати билан бўляпти. Бизга нафақат фарзандларининг вақтини яхши ва фойдали ўтказишидан манфаатдор бўлган ота-оналар, балки турмуш қурмаган ва оиласиз одамлар ҳам ёрдам беришмоқда. Масалан, қўшнимиз ёш бўйдоқ йигит, бизга моддий томондан жуда катта ёрдам бериб туради. У берган маблағга биз майдончани машина қатнайдиган йўлдан ўраб олиш учун металл панжара сотиб олдик. Бу йилги ёзги чўмилиш мавсумига болажонларимизга пуфлаб шишириладиган бассейн совға қилди. Фарзандларимизнинг қувончини бир кўрсангиз эди! Ёз бўйи улар сувда чўмилишди.
Бассейндан мақсадли фойдаланилмоқда:) Видеороликни томоша қилиш
Ушбу видеоролик allmedia.uz сайтига юкланган бўлиб, TAS-IX зонасида турибди.
Яна бошқа дўстларимиз ва ҳомийларимиз – бу рассомлар. Улар уйнинг пастки қаватини эгаллашган. Улар ҳам болаларга совға, яъни ҳар томонида эртак қаҳрамонлари тасвирланган металл тўсиқларни ҳадя қилишди. Энди улар майдон бўйлаб ерга тиқиб чиқилган.
Ўтган йили биз ҳовлимиздаги каттароқ ёшдаги болаларнинг бўш вақтини банд қилишга кўпроқ эътибор бериш кераклиги ҳақида ўйлай бошлагандик. Чунки кичкинтойлар учун шундоқ ҳам кўп ишлар қилинди. Биз маблағ излай бошладик. Бунда бизга яна маҳалла раиси ёрдам берди. У бу ишга 100 000 сўм ажратди. Биз волейбол сеткаси, баскетбол нишон тахтасини сотиб олдик. Аммо ҳозирча уларни осишга қўрқяпмиз, чунки майдончага ҳали электр чироғи ўтказилмаган. Ҳозирча энг асосий муаммомиз шу, буни ўз кучимиз билан ҳал эта олмаймиз. Шунингдек майдончага асфальт ётқизишни ёки уни майсазорга айлантиришни истардик, чунки ўйин пайтида кучли чанг-тўзон кўтарилади. Аммо ҳозирча бу ишлар учун маблағимиз йўқ...
Шу боис ҳомийларни излаяпмиз. Ҳар қандай ёрдам ва кўмакдан хурсанд бўлардик. Биз кўп нарсани ўзимиз, ўз кучимиз, қўлларимиз билан қиламиз. Аммо баъзи қийинчиликларни ҳал этишда бизга ҳам бироз ёрдам беришларини истардик.
.jpg)
Майдончамиз жуда оммабоп бўп кетди. Ҳатто қўшни ҳовлида истиқомат қилувчи болалар ҳам шу ерга келиб ўйнашяпти, арғимчоқларда учишяпти. Энг қизиғи уларнинг ёнида ҳам болалар майдончаси барпо этилган. У ерда барчаси тез-тез шошилиб қилинган, арғимчоқлар, байроқчалар шошилинч ўрнатилган, ҳамма нарса ёрқин бўёқларга бўялган. Аммо у ерда деярли болаларни кўрмайсан, ҳаммаси бизнинг майдончамизга келади. Чунки бу ер меҳр-муҳаббат билан қилинган. Ҳамма нарсани ўзимиз назорат қиламиз, дарахтларга сув берамиз, бегона ўтларни юламиз, арғимчоқларни бўяб, таъмирлаймиз. Бу ерда бувижонлар ҳам ҳордиқ чиқаришни ёқтиради, ҳамма жой соя, скамейкалар кўп. Майдончада ҳаммага жой топилади. Ота-оналар ҳам тез-тез йиғилишади, лото ўйнашади, суҳбат қуришади. Агар майдончамизга янги кишилар келса, биз майдончадан фойдаланганлик ҳақини тўлашни сўраймиз, чунки арғимчоқлар синади, бўёқлари кўчиб кетади. Уларнинг ҳаммасини янгилаб туриш, нормал ҳолатда сақлаш зарур.

 |
| Маҳалламиз жуда иноқ. Ҳатто Хеллоуин байрамини ҳам нишонлаймиз. Юзлари бўялган болалар уйма-уй юриб, конфет сўрашади. |
Буларни нима учун қиляпсиз, дейсизми? Нима учун куч, маблағ ва вақтни сарфлаяпмизми? Буларнинг барчаси фарзандларимиз учун. Уларнинг болалиги болаликдай ўтиши, ўйинлар, байрамлар кўп бўлиши, улар бурчакларда кўнглига келган ишни қилмаслиги, кўз олдимизда юришлари, вақтларини фойдали ва қизиқарли ўтказган ҳолда назорат остида бўлишлари учун қиляпмиз.
GENERATION лойиҳаси муҳаррири Анна Гриценко суҳбатлашди.
|