|
Афсуски, баъзи бўлғуси оналар ҳомиладорлик даврида бачадон тонуси деб аталувчи кўнгилсиз ва хавфли ҳолатга дуч келишади. Баъзида эса бу бутун ҳомиладорлик даврида бир неча марта юз беради. Ушбу ташҳис анча жиддий бўлгани боис, уни беэътибор қолдирмаслик керак. Келинг, ҳомиладорлик пайтида бачадон тонуси пайдо бўлиши ўзи нима экани, у нимага пайдо бўлиши, қандай даволаниши ва бу ҳолатнинг олдини олиш учун нималар қилиш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашамиз.
Бачадон тонусда дегани ўзи нима?
Олдинига анатомияни эсга олайлик. Аёллар бачадони силлиқ мушакли ичи бўш орган бўлиб, у учта қатламдан иборат. Бу бачадонни ёпиб турувчи ташқи қобиқ (периметрий), мушаклар қатлами (миометрий) ва ички шиллиқ қобиқ (эндометрий). Бачадоннинг мушак толалари қисқариб туради. “Бачадон тонуси” тушунчаси ҳам шундан келиб чиққан. Ҳомиладорлик пайтида бачадон мушаклари мутлақо қисқармаслиги керак, аксинча бўш туриши лозим. Бу нормал тонус дейилади. Агар мушаклар қисқарса, миометрий сиқилади, бунинг оқибатида бачадон бўшлиғида босим юзага келади. Ана шу тарзда бачадоннинг баланд тонуси ёки гипертонус юзага келади.
Агар даволанмаса...
Бўлғуси она бачадон тонуси каби ҳолатга кўз юммаслиги керак. Ахир баланд тонус оқибатида ҳомиладорликнинг узилиш хавфи юзага келиши ёки туғруқ муддатидан олдин бошланиши мумкин. Узоқ муддат мавжуд бўлган гипертонус ҳомиладорликда оғир асоратларни келтириб чиқаради. Хусусан, бачадон томирларининг торайиши туфайли бачадон-плацентар қон айланишининг кескин пасайиши ҳомила гипоксиясини (кислород етишмовчилиги) ёки ҳомилада гипотрофияни (ўсишдан ортда қолиш) келтириб чиқаради.
Баланд тонус аломатлари қандай бўлади?
Қориннинг пастки қисмидаги тортувчи оғриқлар ва оғирликдан ташқари, ҳомиладор аёл бел соҳасида ва қов супачасида оғриқларни ҳис қилиши, унинг қорни қўл теккизганда қаттиқ бўлиши ҳамда бачадон худди тошга ўхшаб қотаётгандай ҳиссиёт пайдо бўлиши мумкин. Кўрик пайтида шифокор бачадон бўйинчаси қисқараётганини кўради. Аммо агар аёл қиндан қонли ажратмалар келаётганини кўрса, унда зудлик билан унга тиббий ёрдам зарур бўлади. Бу ҳолда дарҳол тез ёрдамни чақирган маъқул.
Бачадон тонуси пайдо бўлишининг сабаби нимада?
Бундай ҳолат ҳомиладорликнинг айнан биринчи триместрида жуда хавфли ҳисобланади. Бу ҳолда бачадоннинг гипертонуси ҳомиланинг нобуд бўлишига, ривожланмайдиган ҳомиладорликка ёки унинг ўз-ўзидан узилишига олиб келади. Ҳомиладорликнинг дастлабки муддатларида тонус гормонал бузилишлар, масалан, прогестерон гормонининг кам ишлаб чиқилиши туфайли ошади. Шунингдек, ҳомиладорлик даврида аёл организмида эркак жинсий гормонларининг кўп бўлиши ҳам шундай бузилишларга киради.
Бачадондаги қисқаришлар унинг чўзилиши (ҳомиланинг жуда йириклиги, сув кўплиги, кўп ҳомилали ҳомиладорлик туфайли), токсикоз, бачадон бўйинчасининг муддатидан олдин очилиши, резус-конфликт, жинсий алоқа туфайли ҳам юз бериши мумкин.
Бачадон гипертонусига қуйидагилар ҳам сабабчи бўлиши мумкин:
- ўткир шаклда кечадиган вирусли инфекциялар, турли соматик касалликлар, иммун тизими фаолиятидаги бузилишлар;
- катта жисмоний юкламалар, бўлғуси она тушиб қолиши мумкин бўлган стресс вазиятлар ва асабий зўриқиш;
- ҳомиладорнинг кичик тос органларидаги яллиғланиш ва юқумли касалликлар;
- бундан олдин ҳомиладорликнинг сунъий тарзда тўхтатилиши;
- аёл жинсий органлари ривожидаги нуқсонлар, бўлғуси онада шишларнинг пайдо бўлиши.
Гипертонусда нима қилиш керак?
Агар ҳомиладор аёл ўз ҳолати бўйича бирор шубҳага борса, яхшиси буни дарҳол шифокор билан муҳокама қилгани маъқул. Доимий кўриклар чоғида гинеколог турли саволларни беради, шу жумладан, қорин пайтида оғриқлар безовта қилмаётганлиги ҳақида ҳам. Бундан ташқари, у қоринни пайпаслаб (пальпация) кўради, бу бачадоннинг ҳолатини аниқлашга ёрдам беради.
Бачадон тонусда эканини УТТ ёрдамида ҳам аниқлаш мумкин. Бундай кўрик мушаклар қалинлашуви қаерда пайдо бўлгани ҳақида батафсил маълумот беради. Ушбу мақсадларда тонусометрия ҳам ўтказилади – бачадон тонусини бўлғуси онанинг қорнига қўйиладиган махсус датчик орқали аниқлашади.
Ҳомиладор аёлда бачадон гипертонуси нима сабабли юзага келишидан қатъи назар, унга, аввало, ётиб даволаниш режимини тавсия этишади, спазмалитиклар, седатив препаратлар ҳамда бачадоннинг фаоллигини пасайтирувчи воситаларни тайинлашади. Одатда даволаш жараёни стационар шароитларда олиб борилади ва артериал қон босими, қондаги қанд моддаси миқдори ва юрак уришини назорат қилиш билан бирга кечади. Чунки, агар даволовчи шифокор “сақланиш учун ётиш” зарурати ҳақида гапирса, унинг тавсияларига албатта қулоқ тутинг, ахир сиз соғлом, ўз муддатида туғиладиган болани истайсиз, тўғрими?
Ҳомиладорлик пайтида бачадон тонусидан қандай қилиб қочиш мумкин?
Бўлғуси онанинг ижобий кайфияти, жисмоний юкламаларни чеклаш, стрессларни минимумга етказиш – бачадон гипертонусининг олдини олиш бўйича асосий маслаҳатлар мана шулардан иборат. Ҳомиладор аёл кун режимига амал қилиши, тўлақонли дам олиши ва асабий иш кунидан кейин бўшашиши зарур. Маълумки, ҳомиладорлик ва зарарли одатлар – бир-бирига мос келмайдиган тушунчалардир. Шу боис ҳомиладор бўлмасдан олдин улардан воз кечиш лозим.
Шунингдек, ҳомиладорлик пайтида гинеколог қабулига мунтазам бориб туриш керак – бу бўлғуси онанинг асосий мажбуриятларидан бири. Бундай қабуллар шифокорга ҳомиладорликнинг қандай кечаётганини, аёл ва ҳомиланинг ҳолатини кузатиб бориш имконини беради.
Ўзингизни севинг ва эҳтиёт қилинг, ҳомиладорлик даврида бўлғуси фарзандингизнинг саломатлиги асосан сизга боғлиқлигини унутманг. Ҳомиладорлик даврингиз енгил ўтсин!
|